Ибратли ҳикоятлар ва хислатли ҳикматлар

Издательство «Sano-standart»
Автор А. Тилавов, И. Сайдуллаев
Формат 70х100 1/16
Страница 520
ISBN 978-9943-4618-1-9
Год 2016

Мазкур китобда ҳазрат Алишер Навоийнинг «Хамса», «Насойим ул муҳаббат» ва «Лисонут-тайр» асарларидаги айрим ҳикоятларнинг содда насрий баёни, шунингдек, мутафаккир шоирнинг ҳикматли сўзларидан намуналар берилди.
Айрим ҳикматларга берилган шарҳлар, ҳикматларнинг мазмун-моҳияти ифодаланган баёнлар, «Қалбга малҳам ўгитлар», «Навоийнинг нигоҳи тушган ўгитлар» ва «Навоий – болажонларга» деб номланган бўлимлар сиз азизларга манзур бўлади, деган умиддамиз.

Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ ўзбек филологияси факультети Ўқув-услубий кенгашида нашрга тавсия этилган.

Категория: Метка:

Описание

Описание

МЎЪЖАЗ ТУҲФА

(Сўз боши ўрнида)

Алишер Навоий ҳазратларининг ижодига бағишланиб, Тошкент шаҳрида ўтказилган бир халқаро анжуманда устоз Суюма Ғаниева қуйидаги хотирани сўзлаб берган эдилар:
Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидов талабалик йилларида Миртемир домлани кўриш, суҳбатларидан баҳраманд бўлишга борибдилар.
Суҳбат қилиб ўтирган хоналаридаги иш столи устида Пушкиннинг расми турган экан. Анчадан сўнг суҳбат ичкари уйдаги кутубхонада давом этибди. Иттифоқо Эркин аканинг кўзи китоб жавонидаги Мир Алишер Навоийнинг суратига тушибди ва беихтиёр савол берибдилар:
– Устоз, нега энди Пушкиннинг расмини кўринадиган жойга – иш столингизга қўйгансиз-у, бобомиз Алишер Навоийнинг расмлари ичкарида?
Миртемир домла бундай жавоб берибдилар:
– Эркинжон, мен Ҳазрат Алишер Навоийнинг авлоди, ул зот қолдирган маънавий мероснинг меросхўри эканим билан фахрланаман-у, бироқ афсуски, Пушкинни ўқиб тушунганчалик Ҳазрат Навоийни тушуна олмаяпман, маънолар оламига киролмаяпман. Бинобарин, Ҳазратдан уялганим, юзларига қарашга хижолат бўлаётганим туфайли шундай қилганман…
Кишини жиддий ўйлантирадиган, балки уялтирадиган ибратли хотира, шундай эмасми?
Абу Райҳон Беруний ҳикматларидан бирида ўтмиш аждодлари билан ҳуда-беҳудага мақтанувчи авлоднинг маънавий таназзулга юз тутиши мумкинлиги айтилади.
Биз ҳам маънавиятимиз дарғалари бўлмиш улуғ аждодларимиз, жумладан Алишер Навоий Ҳазратларининг маънавий хазинасидан нечоғлик насибага эга эканимиз, авлодларимизни қанчалар баҳраманд этаётганимиз ҳақида ўйласак, мақсадга мувофиқ бўлмас-микин?!
Азиз ўқувчи! Ушбу китоб ана шу эзгу ниятда тасниф этилди. Ҳозирги ёш китобхонларимизни, азиз дилбандларимизни Навоийнинг беғубор, бетакрор ва бой маънавий оламига яқинлаштириш, қизиқтириш мақсадида дастлаб “Хамса”даги айрим ибратомуз ҳикоятларнинг содда насрий баёни тақдим этилди. Бу ҳикоятларнинг рамзий, тасаввуфий таҳлил-талқинларига тўхталмадик.

Китобнинг иккинчи бўлимида Алишер Навоийнинг айрим ҳикматлари таъсирида пайдо бўлган жайдари таҳлил-талқинларимиз, шунингдек, бир неча асарларидан жамланган ҳикмат намуналари, уларнинг ҳозирги тилдаги ифодалари ўрин олган.
Ушбу китобни тайёрлашда қимматли маслаҳатларини аямаган барча олимларга, хусусан устоз Омонилла Мадаевга, филология фанлари докторлари: Иброҳим Ҳаққулов, Боқижон Тўхлиевларга, филология фанлари номзодлари: Эргаш Очилов ва Дилнавоз Юсуповаларга, заҳматкаш олим Олимжон Давлатовларга миннатдорчилик билдирамиз.
Алишер Навоий “Арбаин” асарида “Орангизда ҳеч бир кимса ўзи севган нарсасини ўз биродарига раво кўрмагунча имони мукаммал бўлмайди” мазмунидаги ҳадисни назмда қуйидагича ифода этадилар:

Мўмин эрмастур улки имондин,
Рўзгорида юз сафо кўргай,
Токи қардошига раво кўрмас –
Ҳар наким ўзига раво кўргай.

Муҳтарам мухлис! Биз ҳам яхши кўрганимизни – Навоий ижодидан сараланган ушбу мўъжаз туҳфани сизга илиндик…

Абдумурод Тилавов,
Иброҳимжон Сайдуллаев