Болаларга гап уқтириш санъати

Издательство «Sano-standart»
Автор Абдумурод Тилавов
Формат 70×100 1/16
Страница 752
ISBN 978-9943-4620-5-2
Год 2016

Ушбу китобда ҳар бир ота-она фарзанд тарбиясида риоя қилиши лозим бўлган хусуслар ҳам илмий — назарий, ҳам ҳаётий тажрибалар, аниқ мисоллар асосида баён этилган.
Оила даврисида ўқиладиган ибратли ҳикоят, ривоят ва ҳикматлар, аждодларимизнинг қимматли панд — насиҳатлари, қизиқарли топишмоқлар, ўқувчи хандалари азиз дилбандингиз билан мароқли суҳбат қуришингиз учун беғараз маслаҳатчи бўлиб хизмат қилади.

Категория: Метка:

Описание

Описание

Кириш

Гар йўқтур адаб, не суд олтун унидин,
Элнинг адаби хушроқ эрур олтунидин.
Алишер Навоий

Ҳа, фарзанд азиз, тарбияси эса ундан-да азиз.
Ота-она учун фарзандининг бахт-иқболи, камолини кўришдан-да юксак саодат бўлмаса керак. Бу саодатга эришиш эса ҳар бир ота-онадан доимий фидокорликни, чуқур билим ва малакани талаб этади. Чунки, фарзанд тарбиясида йўл қўйилган ҳар қандай эътиборсизлик, лоқайдлик, бепарволик ҳам хунук оқибатларга, оғир мушкулликларга олиб келиши мумкин.
Хўш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилиш керак? Азиз дилбандларимиз кўзимизнинг қувончи, эртамиз суянчи, бизга раҳмат олиб келувчи оқил, баркамол авлод бўлиши учун нималарга эътибор қаратмоқ лозим? Болангиз билан ўзаро меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашнинг, унинг оиладан бегона бўлиб қолишидек хавфнинг олдини олиш чораси борми? Оилани чинакам фароғат қасрига айлантириш сирлари нимада?..
Ушбу китоб ана шу каби қатор саволларга жавоб излаш жараёнида тасниф этилди.
Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ибрат намунаси бўлиши ҳар қандай панд-насиҳат, ўгитдан кўра таъсирлироқ. Бола ҳар бир ишда ота-онасига тақлид қилади. Ота-онанинг айтган сўзига қилган иши, амали мувофиқ келмаса, фарзанди унинг ўгитларига қулоқ тутмайди. Бундай пайтда ота-онасининг дашномлари, насиҳатлари, бақиришлари ва қўрқитишлари ҳеч қандай самара бермайди. Чунки уларнинг сўзлари қилаётган ишига, ҳаёт тарзига мос эмаслигини кўриб билиб туради. Шундай бўлгач, бола отасининг талабларини бажармаслик учун актёр сингари роль ўйнайди ва уларни ҳам саҳнага тортади.
Баъзи ота-оналар «Ўзим қийналиб ўсдим, болам қийналмасин», деб фарзандини меъёридан ортиқча эркалатиб унинг ҳар бир истагини бажаришга ҳаракат қилишади. Бу билан улар фарзанди бахтли ва мустақил инсон бўлиб улғайишига умид боғлашади. Бироқ бундай эркалатиш оқибатида фарзанд тантиқ, ўзбошимча, масъулиятсиз ёки ношуд бўлиб етишади ва уларнинг барча умидини пучга чиқаради.
Азиз ота-оналар!
Қўлингиздаги китоб фарзанд тарбиясида сизга, албатта асқотади. Ундаги тўрт фасл ва бобларда шу муаммо билан боғлиқ масалалар хусусида сўз юритилади.

1. «Болангизни билмоқчи бўлсангиз…».
Ушбу фаслда латифалар ва уларга берилган изоҳлар, машҳур педагоглар, мутафаккирларнинг ҳикматлари ўрин олган.
2. «Фарзандим гапимга кирсин…» десангиз.
Мазкур фаслда фарзанд тарбияси билан бевосита боғлиқ билим ва кўникмалар илмий-назарий жиҳатдан таҳлил этилган ва кўрсатмалар берилган.
3. «Оила даврасида ширин суҳбатлар».
Бу фасл қуйидаги бобларни ўз ичига олади:
1) Алишер Навоий асарларидаги ибратли ҳикоятлар ва ҳикматлар.
2) Азиз дилбандим (Луқмони Ҳакимдан ўгитлар).
3) Хазина қидирган одам («Маснавий»дан ибратли ҳикоялар.)
4) Фарзанднинг ота-она олдидаги вазифалари.
5) Оила даврасида ўқиладиган ҳикоят ва ривоятлар.
6) Ота-оналар учун муҳим тавсиялар.
7) Одобли бола – элга манзур.
8) Ўғлим Аҳмадга ўгитлар. Ушбу боб Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик сўз бошиси билан нашр этилган шу номли рисола асосида тайёрланди.
9) Ҳаёт томчилари. (Дилбандларга олтин ўгитлар)
10) Волидангни рози қил.
11) Тарбиянинг таъсири. Ушбу боб Саъдий Шерозийнинг маънавий меросидан сараланган ҳикоятлар ва ҳикматлар асосида тайёрланди.
4. «Файзли хонадон, файзли фарзанд».
«Авлонийдан авлодларга сабоқлар», «Кексаймасдан ўқила-диган ҳикоялар», шунингдек, «Зукко дилбандларимизга қизи-қарли топишмоқлар», «Алла намуналари», «Ҳозиржавоблар» «Келинг, кулишайлик», «Инглиз тилини ўрганамиз» бўлимлари азиз фарзандларимизнинг баркамол авлод бўлиб улғайиши ва фарзандингиз билан оила даврасида ширин, мазмунли ва мароқли суҳбат қуришингизга Сиз ота-оналарга ёрдам беради, деган умиддамиз.

Шуҳрат Сирожиддинов,
филология фанлари доктори, профессор