Сенсиз баҳор кулмайди

Издательство «Sano-standart»
Автор Соҳиб Камол
Формат 60х84 1/16
Страница 160
ISBN 978-9943-4419-2-7
Год 2017

Ушбу китобга танланган шеърлар Соҳиб Камолнинг кўнгил торларидан таралган энг нозик ва латиф туйғулардир.
Уларни ўқиган китобхон гўёки кўнгил уммонига ғарқ бўлиб, ундан дуру жавоҳирлар олиб чиқади.

Категория: Метка:

Описание

Описание

СЎЗБОШИ

Шоирликка даъвогар киши ИШҚдан бохабар бўлмоғи лозим. Лекин ишқ “атвори”ни ўрганиш осон эмас. Ҳазрат Алишер Навоий ёзадилар:
Эй Навоий, ишқ атворин ҳифз айлай деган,
Барча ишни тарк этиб, қилсун бизинг девонни ҳифз.
(“Бадоеъ ул-васат” девонидан)

Соҳиб Камолнинг Сиз азизларга тақдим этилаётган ушбу китобидаги шеърларни ўқий бошлаганимда Ҳазрат Навоийнинг юқоридаги байтлари беихтиёр ёдимга келди. Китоб муаллифини талабалик йилларидан танийман. Адабиётга, хусусан, мумтоз адабиётга, Алишер Навоий ижодига муҳаббати туфайли марҳум устоз, филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комиловнинг назарларига тушган эди.
“Сенсиз баҳор кулмайди” тўпламидаги менга ман­зур шеърларнинг аксарияти ҳам мумтоз адиблари­мизга эргашиб ёзилган назм намуналари бўлди:
Юзинг кўргач ҳамма ошиқ менингдек бир хазон ўлмиш,
Майин лаълинг ичар бўлсам, сири жаннат аён ўлмиш.
Жамолинг жилвасин кўргач билолмам эй пари пайкар,
Олиб бошин қуёш ҳар кун қаю сори равон ўлмиш.
Мавлоно Фурқат ғазалларига ёзилган мухам­маслари тасаввуф, аруз илми бўйича устоздан олган билимларининг гўзал бадиий ифодаларидир.
Баъзи ижодкорлардаги истеъдод бирдан ёруғ юлдуз мисол чарақлаб мухлислар қалбини мунаввар этади.
Мен Соҳиб Камолнинг ижодини ўзимча уч босқичдан ўтаётгандай тасаввур қиляпман.
Талабалик йилларидаги:
Маҳлиёжон, Маҳлиё
Бўлдим сенга маҳлиё.
Бегонами қалбингга
Айт менга, ишқ аҳли ё?
Ёки:
«Жоним, сени жондан севган ёрингман,
Жондан азиз танҳо йўғу борингман.
Бу дунёда ўтмас сенсиз бир оним,
Бир кўрмоққа юзинг доим зорингман”
каби “далли қонли” (Турк тилида “ўспирин” сўзи ўрнига ушбу сўз қўлланилади. – А.Т) даврида ҳис-ҳаяжон билан битилган ўйноқи, йигит ва қизнинг қалб изтироблари ифодаланган шеърлар.
Мажозий ишқ билан ҳақиқий ишқ ўртасидаги руҳий кечинмалар таъсирида юзага келган мумтоз мисралар ижодининг иккинчи босқичини ташкил этади.
Ижодкор маълум билим, ҳаёт тажрибаларига эга бўлгач, ҳикмат билан йўғрилган фикрларини тўртликлар тарзида ёзишга киришди. Соҳиб Камолнинг бу жанрдаги машқларини ижодидаги юксалиш томон қўйилган дадил, хайрли қадам, айни пайтда ижодининг учинчи босқичи дегим келади. Ушбу китобдан ўрин олган тўртликларга диққатингизни жалб этмоқчиман:
Бу умринг гулшани бўлмасдан хазон,
Юз бургил, эй Камол, эзгулик томон.
Баландпарвоз ҳою ҳавасдан кечгил,
Кечмасанг кеч бўлар, кечикма, уйғон.
Ҳазрат Навоий “Хотирни жам истар эсанг, аввал хавотир дафъин эт”, дейдилар. Соҳиб Камол ҳам саодатмандлик, хотиржамлик боисини қуйидагича таърифлайди:
Ким бўлса агар нафснинг қурбони,
Ҳамиша яшар азобда жони.
Кимки нафсин енгса, хотиржам яшар,
Ҳаловатдадир доим иймони.
Яратган барчамизга қалб, виждон хотиржамлиги, иймон ҳаловати насиб этсин.
Соҳиб Камолга эса ҳаётда, ижодда камолот сари таш­лаяжак қадамлари хайрли, баракотли бўлишини тилаб қоламан.

Абдумурод Тилавов,
филология фанлари номзоди,
Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ доценти