Бахтини топган йигит

Издательство «Sano-standart»
Автор Аҳмад Пакшон
Формат 60х84 1/16
Страница 128
ISBN 978-9943-4803-4-6
Год 2017

Қўлингиздаги китоб – икки пок қалбнинг самимий муҳаббати қиссаси. У Отабек ва Кумуш, Анвар ва Раънолар севгисини эслатадиган ҳаяжонли, покиза туйғулар ҳақидадир. Бу қиссада инсоний меҳр-оқибат, садоқат, комилликка интилиш улуғланади.
Асар сизни хушнуд қилишига ишонамиз.

 

Категория: Метка:

Описание

Описание

МЕҲР ҲАҚИДАГИ КИТОБ

Фан-техника шиддат билан тараққий топаётган, оммавий маданият (балки маданиятсизлик дейиш маъқулроқмикан – А.Т.) ёшларимизни домига тортаётган ҳозирги даврда уларга коинот гултожи саналмиш ИНСОНга хос эзгу, покиза, беғубор туйғуларни сингдирувчи асарларни мутолаа қилдириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Қўлингиздаги асар сизни ҲАЁТ китобига теран назар ташлашга, ундаги ҳодисалар ҳақида мушоҳада юритишга ундайди.
Романнинг бош қаҳрамонларидан бири устоз Али Шарафиддиннинг руҳий кечинмаларини ифодалаган қуйидаги парча унинг маънавияти, инсонийлиги ҳақида тасаввур беради: “Али устоз ойнага қараб, ўзига назар солди. Кўзлари остидаги шишлар, титроқ қўлларининг титраши, маъносиз қарашларининг сўниклиги, кўзлари нурсизланиб бораётгани, китобга қизиқиши қолмагани – буларнинг бари умри поёнига етаётганидан дарак эмасми? Ҳаётининг асосий қисмини китоб ўқиш билан ўтказгани ҳақида ўйлар экан, у ўзини бахтли ҳис этди…”
Бу асар икки беғубор қалб соҳибининг беғубор севги ҳикоясидир. У ҳунари орқа-сидан ҳалол ризқ топаётган Рашид ва ногирон, кар укаси, онаси билан яшаётган Ойшагулнинг “ўлдим — куйдим”лардан узоқ, Отабек ва Кумуш, Анвар ва Раънолар севгисини эслатадиган ҳаяжонли, покиза муҳаб-бати ҳақидадир. Рашидга чин кўнгилдан боғланган, бироқ ногирон укасини ташлаб кетишни кўзи қиймаган Ойшагулнинг изтироблари кишини ўйлантириб қўяди. Рашиднинг Ойшагулга: “Мавлоно Румий айтган эканлар: “Бир томонда қўрқув, бир томонда умид бўлса, икки қанотга эга бўласан. Ягона қанот билан учиб бўлмайди. Қўрқувни ҳис қилган киши умиднинг қадрига етади”. Худо сенга яхшилардан бўлишинг учун синов берибди. Бунга асло ўксинма. Аксинча, сабр билан барча синовларни енгиб ўтгин… Қўлингдаги узук мана шу бетакрор жилвага келгунича тош неча маротаба йўнилади. Айтмоқчи бўлганим, инсонийликдан комиллик сари етгунингча Оллоҳ таоло қанчадан қанча синов, ситамлар юборади. Биз Яратган буюрган тақдирга рози бўлсак, У ҳам бандасидан рози бўлади. Сарват биз учун синовдир. Сарватни дея сенга бўлган пок севгимдан воз кечмайман” деган сўзлари кишини ҳаётга умид билан қарашга ундайди.
Бу асар ҳаётга, ОИЛА аталмиш муқаддас даргоҳга беписанд айрим кимсаларга ОГОҲ-НОМА ҳамдир.
Покиза жуфти ҳалолини икки норасида гўдак билан ташлаб, бошқа аёлнинг ортидан, тўғрироғи, нафси ортидан эргашиб кетган отанинг қизига ёзган хати ва уларнинг жавоби шундай «ота»ларни ҳушёр торттирса, уларни тўғри йўлга солса, ажаб эмас: “Ойшагул электрон почтасини очганида ҳеч кутилмаган хабарни ўқиб қолди:
– Қизим… – дея ёзилган эди хатда, – онанг қўнғироқларимга жавоб бермаяпти. Электрон манзилингни дугонанг Севардан олдим. Ундан сизлар ҳақингизда суриштириб, тў-йинг бўлаётганини билиб олдим. Бахтли кунингда, висол кечасида ёнингларда бўлишни истайман. Илтимос, менга шу қувончни кўп кўрма. Тўйинг куни боришимга ижозат бер.
Салом билан отанг Холис”.
Хатни онасига ҳам ўқиб берди ва жавобини бирга ёзишди:
– Агар бахтни мана шу тўй шодиёнасида ҳис қилишни истасангиз, неча йиллар аввал этагига осилиб кетган ўша сариқ сочли аёлнинг фарзандлари улғайиб, оилали бўлишини кутинг. Ана шуларнинг ёнларида тўйда ўтираверинг. Ҳалолнинг лаззатини билиш учун ҳаромнинг заҳрини тотиб кўрмоқ лозим. Ҳалолликдан юз ўгирганлар “Нега бахт-сизман?” деган саволни беришга ҳақли эмас. Тўй таклифномаларини тарқатаётганимизда меҳмонлар орасида “Холис” исмли шахснинг бўлишини истамаймиз…
Саодат, Сарвар ва Ойшагул.
Бу асар МЕҲР ҳақидаги асар. Уни ўқиб, бу туйғу нақадар азизлигини, оила жамият учун нечоғлик муҳимлигини яна бир бор англайсиз.
Хуллас, азиз ўқувчи, бу асарни ўқиш учун сарф этган вақтингиз зое кетмаслигига аминман. Уни фақат ўзингиз ўқимай, дўстингизга, яқинларингизга тавсия этинг.
Янги, яхши ниятли ҳамроҳ сизга муборак бўлсин!

Абдумурод Тилавов,
филология фанлари номзоди,
Алишер Навоий номидаги
Тошкент давлат ўзбек тили ва
адабиёти университети доценти