Буюк Имом Абу Ҳанифа

Издательство «Sano-standart»
Автор Йўлдош Эшбек, Абдуллоҳ Мурод
Формат 60х90 1/16
Страница 208
ISBN 978-9943-4880-4-5
Год 2017

Бу китобда диёримиз мусулмонлари амал қилаётган ҳанафий мазҳаби асосчиси Имом Аъзамнинг ҳаёт йўли, кўрсатмалари илмий манбалар асосида содда баён этилган. Шунингдек, китобга Имомнинг асарларидан намуналар, шогирдларига насиҳатлари, замондошлари хотираси илова қилинди. Асар кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

 

Категория: Метка:

Описание

Описание

Фақиҳлар устози
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Ислом дини таълимотларига кўра хоҳ диний бўлсин, хоҳ дунёвий бўлсин барча масалаларда адолат, инсоф, бағрикенглик билан иш тутиш, динда ҳар хил тафриқларга бўлинмаслик тамойиллари алоҳида ўрин эгаллайди. Айнан шу сабабларга кўра ҳам, Ислом динига асос солингандан кейин бир аср ўтар-ўтмас турли диний-ҳуқуқий мазҳабларнинг пайдо бўлишига зарурат туғилди. Дини Ислом жуғрофий жиҳатдан катта ҳудудга тарқалиб, турли миллатлар, турли халқлар бу динни қабул қилгач, вужудга келган тарихий вазият тақозоси билан бу жараён янада ҳаётий аҳамият касб этди. Диндаги ҳуқуқий (фиқҳий) масалаларни ечишда зарур бўлган ушбу мазҳабларни яратишда фақиҳ (Ислом ҳуқуқшуноси) олимларнинг ҳиссаси беқиёс бўлган. Мана шундай буюк фақиҳлардан бири, ҳанафийя мазҳабининг асосчиси буюк Имом Нўъмон ибн Собит Абу Ҳанифа (699-767) ҳазратларидир. Абу Ҳанифа ҳазратларининг ҳаёти ва фаолияти асосан VIII асрга тўғри келади. Комил ишонч билан айтиш мумкинки, у зот ислом тарихида ўз фиқҳий мактабини яратган VIII асрнинг буюк сиймоларидан биридир. Маълумки, Ислом динида бир қанча мазҳаблар бўлиб, улардан ҳозирги вақтда мавжуд сунний йўналишдаги ҳанафийя, моликийя, шофиъийя, ҳанбалийя ва шиа йўналишидаги жаъфарийя мазҳабларини кўрсатиш зарур. Бошқа мазҳабларга қараганда ўз қонун-қоидалари биринчи бўлиб, тўла-тўкис ва мукаммал ишлаб чиқилганлиги ҳамда ўша даврдаги ҳоким табақаларнинг бу мазҳабга нисбатан хайрихоҳлиги Абу Ҳанифа яратган ҳанафийя таълимотини Ислом дунёсининг турли томонларига тезлик билан кенг кўламда ёйилишида муҳим ролъ ўйнайди. Маҳаллий мусулмонлар табиати, урф-одатлари ва анъаналарига мос ҳаётбахш йўл-йўриқларни ўзига мужассам этганлиги боис ҳам бу мазҳаб дунё миқёсида кўп тарқалган мазҳаблардан ҳисобланади. Ҳозирги даврда ер юзидаги мусулмонларнинг сони бир ярим миллиардни ташкил қилса, уларнинг қарийб эллик фоизи ҳанафийя мазҳабидаги мусулмонлардир.
Ҳанафийя мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа ҳазратлари VIII асрда яшаган улуғ мутафаккир, бена-зир даҳо соҳиби, том маънода буюк инсон бўлганлар. У кишининг муборак динимиз тарихидаги асосий хизматлари – Ислом ҳуқуқида ўз мазҳабини (мактаби, йўли) яратганлигидир.
Бошқа мазҳаб асосчилари Абу Ҳанифага бевосита таянган ҳолда ўз мазҳабларини яратганлар ва беназир илмий ва фиқҳий салоҳиятлари учун фақат Абу Ҳанифа ҳазратлари Имом Аъзам (буюк Имом) деган ўта шарафли куняга сазовор бўлганлар.
Шофиъийя мазҳабининг асосчиси Имом аш-Шофиъий у зот ҳақида «Фиқҳ илмида ҳамма одамлар Абу Ҳанифанинг боқимандасидир», деб, унинг фиқҳий салоҳиятларига юксак баҳо берган. Буюк имомимиз ҳаёт йўллари ва беназир илмий-амалий фаолияти ҳақида хорижий мамлакатларда (айниқса араб тилида) кўплаб асарлар ва рисолалар яратилган.
Истиқлолимиз шарофати билан бизнинг мамлакатимизда ҳам Ислом динининг тарихи, унинг муқаддас манбалари Қуръони Карим, жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳадислари таржималари билан бир қаторда юртимиздан чиққан буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий-маънавий ҳамда диний меросларини ўрганишда эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Бу хайрли ва савобли ишлар сирасида мазҳаблар тарихи, фиқҳ илми ва айниқса, ҳанафийя мазҳабининг асосчиси буюк Имом Абу Ҳанифанинг ҳаёти ва диний-маънавий меросларига бағишланган бир қатор қимматли ишлар амалга оширилганлиги ҳар қандай таҳсинга лойиқдир. Улардан Шайх Алоуддин Мансурнинг «Имом Аъзам – буюк имомимиз», З.Қодировнинг «Имом Аъзам (ҳаёт йўли ва фиқҳ усуллари)», Абдурашид қори Баҳромовнинг «Имом Аъзам асарлари», шарқшунос олим З.Ҳусниддиновнинг «Ислом (йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар)», ҳуқуқшунос олим А.Ш.Жузжонийнинг «Ислом ҳуқуқшунослиги, ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари», ҳуқуқшунос олимлар Аъзамжон Раҳмонов ва Абдумухтор Раҳмоновларнинг «Ислом ҳуқуқи» (рус тилида), шунингдек, Абу Ҳанифа ҳазратларига мансуб «Ал-фиқҳ ал-акбар» (Тошкент, «Адолат» нашриёти) асарининг нашр этилганлигини айтиш зарур. Мазкур рисола ва тадқиқотларнинг катта илмий ва амалий аҳамиятини қайд этиш билан бирга айтиш керакки, ҳали Абу Ҳанифа ҳазратларининг шукуҳли ҳаёти ва илмий-маънавий салоҳиятини янада ёритиш ва у асос солган мазҳабнинг асл мазмун-моҳияти, алломанинг фиқҳий услубларини кенгроқ тарғиб қилиш замон талаблари даражасига кўтарилганлигини унутмаслик даркор. Шу нуқтаи назардан қарасак, кейинги йилларда исломий мавзуларда баракали ижод қилаётган иқтидорли адиб Йўлдош Эшбек таснифида кенг китобхонлар оммасига тақдим қилинаётган «Улуғ Имом Абу Ҳанифа» номли рисола эътиборга молик таснифлардан бири дейиш мумкин. Рисола билан танишган ҳар бир ўқувчи Абу Ҳанифа ҳазратларини нафақат буюк олим, балки унинг беназир инсон бўлганлигига ишонч ҳосил қилади. Чунончи, мусанниф кўпдан-кўп ёрқин, ҳаётий мисоллар, мўътабар сиймолар тилидан келтирилган иқтибослари орқали буюк имомнинг шукуҳли ҳаёти ва ибратларга тўлиқ фаолиятининг турли қирраларини очиб беришга муваффақ бўлган. Шу боисдан ҳам саҳифадан-саҳифага ўтган сари ўқувчи кўз ўнгида буюк имомнинг юксак илмий салоҳияти ва инсоний фазилатлари бирма-бир намоён бўлади. Буюк имом фиқҳ илмининг сиру-асрорларини шу қадар чуқур эгаллаганлиги боис мантиқан кучли ҳужжат ва далиллари билан ҳар қандай дийдаси қотиб қолган одамни ҳам инсофга, иймонга, рушду-ҳидоят йўлига киришига сабабчи бўлган. Имом ҳазратлари ҳар қандай шароитда ҳам адолат томонида бўлган. Шунинг учун ҳам ҳукмдорлар уни Куфа ва Бағдоднинг бош қозиси лавозимига таклиф қилганларида бу мансабда адолат билан фаолият кўрсатиш қийинлигини сезиб, у ушбу юксак лавозимларни рад қилган. Шу сабабдан қаттиқ қийновларни ҳам бошдан кечирган.
Маълумки, ўз фаолиятлари даврида Абу Ҳанифа ҳазратлари тижорат ишлари билан ҳам бардавом шуғулланган. Бу соҳада ҳам ўта ҳалоллик билан иш тутганлари ҳақида рисолада келтирилган кўплаб маълумотлар ҳозирги давримиз учун ҳам муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир. Айни вақтда Имоми Аъзам ғоятда меҳр-мурувватли, сахий ва қўли очиқ инсон сифатида ҳам ибратли амаллар қилган. У фақирлар, муҳтожлар, толиби илмлар ва ҳожатмандларга доимий равишда моддий ёрдам кўрсатиб, улардан меҳр-мурувватларини дариғ тутмасдилар. Рисолада бу мавзуга доир ҳам талай қимматли маълумотлар эътиборга моликдир. Рисоладан ўрин олган ўн битта манқаба (ибратли ҳикоятлар) ва «Мантиқнинг кучи», «Ақл-фаросат», «Ўғри топилди», «Ҳакам воқеаси», «Иблиснинг мантиғи», «Отнинг оёқлари» каби ширали ҳикоятчалар ҳам Абу Ҳанифа ҳазратларининг фиқҳ илмининг беназир алломаси, ҳозиржавоб, нодир ақл-заковат соҳиби, ҳар томонлама комил инсон бўлганлик-ларини кўрсатади.
Мавриди келганда айтиш жоизки, Имоми Аъзамнинг илмий ва фиқҳий қарашлари унинг қатор асарларида ўз ифодасини топган. Рисолада буюк алломанинг асарларидан қилинган қисман ўзбекча таржималарнинг берилиши ҳам, шубҳасиз, рисолани бойитишга хизмат қилади. Жумладан, унинг «Ал-олим вал-мутааллим» («Устоз ва шогид»), «Ал-фиқҳ ал-акбар» («Улуғ фиқҳ»), «Муснад» шунингдек, имомнинг ўз шогирдларига айтган ўгитлари ва васиятларидан иборат фикр-мулоҳазалари ҳам ҳаётий йўл-йўриқлар ва қоидалардан иборат. Юқорида билдирилган маълумотларга қўшимча яна шуни айтиш лозимки, рисола муаллифи танлаган баён услуб жиҳатдан ҳам ғоятда қулай ва содда, бошқача таъбир билан айтганда оммабоплиги билан ҳам эътиборни тортади. Бинобарин, ушбу рисолани мутолаа қилган ҳар бир ўқувчи буюк Имом Абу Ҳанифа ҳазратларининг ёрқин ҳаёти ва фавқулодда юксак даҳоларидан етарли даражада маънавий озуқа олади, деган умиддамиз.

Убайдулла Уватов,
Тошкент Ислом университети исломшунослик
илмий тадқиқот марказининг бош илмий
ходими, тарих фанлари доктори.